Фарғонада чет элдан 32 бош олмахонни ноқонуний олиб киришга бўлган уринишнинг олди олинди
Фарғона вилоятида хориждан ноқонуний равишда олмахон олиб кириш уринган шахс тўхтатиб қолинди, деб хабар беради Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Фарғона туманида аниқланган ҳолатда чегарадош маҳаллалардан бирида шубҳа остига олинган шахсга тегишли 2 та ёғоч яшик божхоначилар ва ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда кўздан кечирилган.
Натижада, махсус ясалган ва бўлмаларга ажратилган яшикларда қўшни давлатдан ноқонуний равишда олиб кирилган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган 32 бош олмахонлар борлиги аниқланган.
Шунингдек, уларнинг иккитаси қониқарсиз шароитдан нобуд ҳам бўлган.
Қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 30 миллион сўмга баҳоланган ушбу жониворлар ҳозирда Фарғона хайвонот боғига топширилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Тошкент аэропортидан ҳайвонот боғига жўнатилган тимсоҳча ва 6 бош буқаламун нобуд бўлгани, Сурхондарёда Қизил китобга киритилган 4 бош Бухоро буғуси ҳайвонот боғига топширилгани, Тошкент ҳайвонот боғига пантералар олиб келингани тўғрисида хабар берилганди.