Футбол бўйича 2030 йилги жаҳон чемпионати учта қитъада ўтказилиши мумкин
Саудия Арабистони, Миср ва Греция 2030 йилги мундиални биргаликда ўтказмоқчи. Бу ҳақда Sports.ru хабар берди.

Маълум қилинишича, агарда бу амалга ошса, турнир Қатардаги жаҳон чемпионатидек қиш фаслида ўтказилиши мумкин.
Манбаларнинг хабар беришича, бир неча ҳафта ичида Саудия Арабистони, Миср ва Грециянинг турнирни ўтказиш бўйича қўшма аризаси расман эълон қилинади. Қарор ҳукумат даражасидаги музокаралардан сўнг қабул қилинди.
Агар ушбу давлатлар ЖЧ-2030 ўтказиш ҳуқуқига эга бўлсалар, Саудия Арабистони Миср ва Грецияда инфратузилмани тайёрлаш харажатларининг бир қисмини ўз зиммасига олади.
Таъкидланишича, ушбу таклиф Испания ва Португалиянинг UEFA томонидан қўллаб-қувватланадиган қўшма таклифи учун рақобат туғдиради, чунки Саудия Арабистони, Миср ва Греция уч хил конфедерацияни ифодалайди. Бу таклифни Осиё, Африка ва баъзи Европа мамлакатлари қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.
Яна бир марта жаҳон чемпионатининг қишда ўтказилишига Европанинг топ лигалари вакиллари қарши чиқиши мумкин. Боиси у ҳолда турнир учун мавсумни бир ойдан кўпроқ вақт давомида тўхтатиб туришга тўғри келади.
Маълумот учун, Жанубий Американинг тўртта мамлакати: Уругвай, Аргентина, Чили ва Парагвай ҳам ЖЧ – 2030 учун ариза берган.
The Тimes’га кўра, FIFA президенти Жанни Инфантино сўнгги ҳафталарда Саудия Арабистони, Миср ва Греция вакиллари билан учрашган, аммо FIFA манбалари у бирор бир таклифни қўллаб-қувватламаслигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қатардаги жаҳон чемпионатида мухлисларга салибчилар либосини кийиш тақиқланганди. Шунингдек, Саудия Арабистонида жаҳон чемпионатида Аргентина мағлуб этилгани шарафига 23 ноябрь дам олиш куни деб эълон қилинганди.