Нукус воқеалари иштирокчилари қийноққа солинганми?
Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида 2022 йилнинг июль ойи бошида содир бўлган тартибсизликлар бўйича ҳибсга олинганлар қийноққа солинмагани маълум қилинди. Бу ҳақда собиқ сиёсий маҳбус, Мустақил комиссия аъзоси, Нукус воқеалари иштирокчилари судини кузатиб бораётган «Ҳуқуқий таянч» бирлашмаси раҳбари Аъзам Фармонов маълумот берди.
Қайд этилишича, бу бўйича Бухоро вилоят суд биносида бўлиб ўтаётган очиқ суд жараёнида ҳеч ким маҳбусларга нисбатан қийноқлар бўйича савол бермаган. Бироқ судда сўроқ қилинганларнинг аксарияти «биз ҳукуматга қўл кўтарган бўлсак ҳам, улар бизга нисбатан ноинсоний ҳаракат қилмадилар.
Бизга жудаям яхши муомалада бўлишди, уч маҳал иссиқ овқат беришди. Турли ваҳималар бўлди, бизнинг қийноққа солинаётганимиз ҳақида, лекин аслида ундай эмас. Фақат виждонимиз оғрияпти, биз шунча инсонларнинг ўлимига ўзимизни сабабчи деб биламиз», деб айтган.
Бирлашма раҳбарининг айтишича, юқоридаги хулоса фақатгина 22 нафар маҳбуснинг гапларидан келиб чиқиб, чиқарилмаган. Қамоққа олинганлар ва маъмурий жавобгарликка тортилганлар қўйиб юборилгандан сўнг улардан бирортаси давлат органлари ёки оммавий ахборот воситаларига қийноқлар ҳақида мурожаат қилмаган.
«Бу гаплар сценарий ёки спетакль эмас, деб ўйлайман. Чунки бу ҳақда улардан ҳеч ким сўрагани йўқ, уларнинг ўзлари самимий сўзлашмоқда. Ўзларининг эмас, виждони ёки яқинлари қийналгани ҳақида гапиришяпти. Шу боис бу борадаги гаплар уюштирилмаган деган фикрдаман», — дейди Фармонов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нукус воқеалари иштирокчиларига нисбатан айблов хулосаси эълон қилинганди. Айбланаётганлар ичида Нукус олимпия заҳиралари коллежи собиқ директори ҳам борлиги хабар қилинган. Шунингдек, суд қилинаётганлар орасида ИИБ бўлим бошлиғи ҳам бўлганлиги маълум бўлган.