Қозоғистонда Ўзбекистон билан чегарада ноқонуний миграция билан шуғулланганлар ушланди
Қозоғистон ИИВ ходимлари Туркистон вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош қисмида жойлашган «Казигурт» бохона бостидан ноқонуний миграцияни ташкиллаштириш ва контрабанда билан шуғулланган бир гуруҳ шахсларни қўлга олди.

Қайд этилишича, гумонланувчилар божхона постидаги коррупцион алоқалардан фойдаланиб брокерлик хизматини кўрсатиш баҳонасида сохта ҳужжатлар билан ноқонуний товар олиб кириш билан шуғулланган.

Улар битта юк автомобилининг ҳеч қандай тўсиқларсиз кириб чиқиши учун 200 минг тенге (4,8 миллион сўм) олган. Бир сутка давомида божхона постини 150 га яқин машина кесиб ўтган.

Бундан ташқари, жиноятчилар Ўзбекистон фуқароларининг чегарани ноқонуний кесиб ўтишига ёрдамлашиб келган. Гумонланувчилар тинтув қилинган вақтда уларнинг ёнидан катта миқдорда пул маблағлари, ўқотар ва совуқ қуроллар, «қора касса» ҳисоби, хориж фуқаролари паспортлари, шунингдек, махсус техник воситалар топилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Аввалроқ Қозоғистондан Ўзбекистонга гиёҳванд модда олиб ўтишга уриниш бўлгани, Ўзбекистондан Қирғизистонга 1 тоннадан ортиқ ноқонуний қовун олиб кетилаётгани аниқлангани тўғрисида хабар берилганди.