Самарқандда Америкага Мексика орқали юборишни ваъда қилган йигит ушланди
Самарқандда фуқарони АҚШга Мексика орқали юборишни ваъда қилган шахс қўлга олинди, деб хабар беради ЎзА.

Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти иошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ноқонуний миграция ва одам савдосига қарши кураш йўналишида тезкор тадбир ўтказилган.
Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳрида яшовчи 28 ёшли Х.С. маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, уни Мексика орқали Америкага юбориши эвазига 25 минг доллар сўраган.
Фаол тадбир давомида Х.С. ҳужжатларни расмийлаштириш учун олдиндан 10 минг долларни олаётганда ушланган.
Ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ ДХХ Самарқандда фуқароларни Америкага ноқонуний юбормоқчи бўлган эркакни ушлагани, ДХХ фуқарони 40 минг долларга АҚШга юбормоқчи бўлган эркакни қўлга олгани тўғрисида хабар берилганди.