Шавкат Мирзиёев Россия президенти билан телефон орқали мулоқот қилди
Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, суҳбатда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, турли даражаларда фаол мулоқотлар давом этаётгани ҳамда олий даражадаги келишувларни амалга ошириш бўйича биргаликдаги сермаҳсул ишлар кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Маълумот учун, йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 30 фоиздан зиёдга ошди. Ўтган ойда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши муваффақиятли ўтказилди. 1-2 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида икки давлат ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг учрашуви бўлиб ўтади, унда иқтисодиётнинг устувор тармоқларидаги жорий ва истиқболли кооперация лойиҳалари кўриб чиқилади. Шунингдек, мамлакатлар етакчи саноат корхоналари ва компаниялари вакиллари иштирокида қатор ишбилармонлик тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳудудлараро ҳамкорлик кенгаймоқда. Гуманитар алмашинув соҳасида учинчи Ўзбекистон—Россия таълим форумининг самарали натижалари қайд этилди.
Бундан ташқари, кўп томонлама форматдаги, шу жумладан Марказий Осиё минтақасидаги амалий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди. Етакчилар бўлажак тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқди.