Шуҳрат Абдураҳмонов «Янги Андижон»да ногиронлар учун яратилган шароитни қурувчиларнинг ўзида синаб кўрди — видео
Андижон вилояти Шуҳрат Абдураҳмонов Андижон шаҳрида қурилаётган Янги Андижон мавзесида ногиронлар учун барпо этилган пандусларни қурувчиларнинг ўзида синаб кўрди.
Вилоят ҳокими янги қурилган кўп қаватли турар жой бинолари билан танишиб, бу ерда ногиронлиги бўлган инсонлар учун қулайликлар инобатга олинмаганини танқид қилган. У қурувчилардан ногиронлик аравачасига ўтириб, ўзлари барпо этган йўлак бўйича ҳаракатланишни сўраган.
Бир неча киши аравачага ўтириб, унда ҳаракатланишга уринган ва ноқулайликларга дуч келган.
«Шу ердаги квартирани бирорта ногирон одам олди дейлик, нима қилади у? Қани ҳамманг кўз олдингга келтир. Сени боланг, отанг, энанг ёки қариндошинг, кимнидир ўғли ёки қизи бўлиши мумкин. Бу бечора нима қилади айтинглар-чи? Ҳамманг мана қурдим-қурдим деб кетаяпсизлар, ҳаммаси яхши деяпсизлар… Янги Андижон шаҳрида шуни инобатга олмасак, ҳамма қилган ишимиз бир тийин бўлмайдими?», — деган вилоят ҳокими.
Аввалроқ Андижонда Шуҳрат Абдураҳмонов билан учрашувда ўқувчилардан шукроналик билан жавоб бериш, муаммоларни гапирмаслик, кулиб туриш талаб қилингани тўғрисида хабар берилганди.