Сирдарёда «Жигули» ҳайдовчиси итни ўлдириб, калласини машинага ёпиштириб ҳаракатлангани айтилди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган Сирдарёда «Жигули» ҳайдовчиси итни ўлдириб, калласини машинага ёпиштириб ҳаракатлангани ҳақидаги хабарга вилоят ИИБ муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан зудлик билан чоралар кўрилиб автомашина ҳайдовчиси аниқланган ва ҳолатга ойдинлик киритилган.
Аниқланишича, автомашина ҳайдовчиси Гулистон шаҳрида яшовчи 1988 йилда туғилган фуқаро А.А 2022 йилнинг 28 ноябрь куни ўзига қарашли фермадан хонадонига итини олиб кетиш мақсадида автомашинасининг юкхонасига жойлаб олиб кетаётган вақтда ити автомашина ёқилғи қуйиш баки қопқоғидан бошини чиқариб олган ҳолатида ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан суратга олиниб, нотўғри талқин қилиниб, тарқатилган.
Ҳолат юзасидан масъул ходимлар томонидан ҳайдовчига профилактик тушунтиришлар берилиб, хавфсизлик қоидаларига амал қилиш юзасидан огоҳлантирилган.
Эслатиб ўтамиз, Наманганда итни дарахтга осиб, видео олган болалар суд қилингани, Тошкентда эркак итни ўлдириб, ваннахонасига осиб қўйгани, Тошкентда эркак машинада итни босиб кетгани ва Навоийда эркак завод ҳудудидаги итни отиб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда эркак итни панжарага боғлаб, ўласи қилиб калтаклаганди.