Туркманистон пойтахтида «чиройли» рақамларни автомобиллардан олиб ташлаш буюрилди
Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳри полициясига «чиройли» рақамларни автомобиллардан ечиш буюрилди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар берди.

Қайд этилишича, Ашхобод полициясига 20-25 ноябрь кунлари шахсий машиналардан «чиройли» рақамларни олиб ташлаш буюрилган. Ашхобод ички ишлар вазирлиги ходимлари йўл ҳаракати назорати хизмати раҳбариятининг буйруғи билан шахсий машиналарнинг «чиройли» рақамларини оддий рақамлар билан алмаштиришлари кераклиги белгиланган.
Нолли рақамлар, олд ва тескари тарафдан бир хил ўқиладиган рақамлар, такрорланувчи ёки қўшни ва қарама-қарши рақамлари мос келадиган рақамлар ва ҳоказолар чиройли автомобиль рақами сифатида белгиланган.
Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 1 декабридан бошлаб йўл ҳаракати назорати ходимлари бундай рақамларни оддийсига алмаштирилиши кераклигини хабар бериши керак бўлади.
Шунингдек, рақам ўзгартирилгандан сўнг, автомобилнинг техник паспортини янгилаш кераклиги белгилаб қўйилган. Унинг нархи 150 манат. Баъзи оммавий ахборот воситаларида эса бу давлат буджетини тўлдиришнинг янги бир усули сифатида талқин қилинмоқда.
Полиция ходимлари орасида бир мунча вақт ўтгач, «чиройли» рақамлар 2000 манат нархида сотилиши ҳақида маълумотлар мавжудлиги, аммо бундай режалар ҳақиқатан ҳам бор ёки йўқлиги ва расмий сотиш қиймати маълум эмаслиги айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркманистонда отлар ўртасида гўзаллик танлови ўтказилгани, Гурбагули Бердимуҳамедовнинг отига ҳайкал қўйилгани, туркманистонлик уруш қатнашчиларига 10 доллардан тарқатилгани хабар берилганди. Ушбу мамлакатда болаларга мобил телефондан фойданиш тақиқланганди. Туркманистон пойтахтини ҳукумат рухсатисиз тарк этишга рухсат берилганди. Шунингдек, Турканистондаги ўқитувчиларга президент сиёсатини қўллаб-қувватлаши мажбурий этиб белгиланганди.