Қашқадарёда фермер хўжалиги ерини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлар аниқланди
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида фермер хўжалигининг ижарага берилган ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чироқчи туман бўлими томонидан туман кадастр бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, «Мустақиллик» МФЙдаги «Б.Ж.» фермер хўжалигига «Пахта-ғаллачилик» ва «Чорвачилик-боғдорчилик» йўналиши учун ижарага берилган ер майдонининг 48 сотихини 4 нафар фуқаро ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, уй-жой қураётгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 229-1-моддаси (ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда салкам 44 гектарга яқин ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани маълум бўлганди. Шунингдек, Наманганда фермер хўжалигининг 8 гектар ерини сотмоқчи бўлган эркак ушланганди.