Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон аҳолиси муаммоларини ўрганди
Президент маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги вазирлик ва идора раҳбарларидан иборат республика ишчи гуруҳи аъзолари тажриба сифатида танланган шароити оғир Оққўрғон туманида аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича ишларни давом эттирмоқда.
Қайд этилишича, республика ишчи гуруҳи масъуллари бевосита чекка ҳудудлардаги қишлоқларда тунаб, ўша ерда маҳалла фаоллари ва оқсоқоллари билан маслаҳатлашган ҳолда кўп йиллик муаммоларга ечим топмоқда.
Шу кунга қадар Оққўрғон туманининг 27 та маҳалласида 12 мингдан зиёд хонадон, 350 та ижтимоий соҳа объектлари бевосита жойида ўрганилиб, жами 3 315 та муаммо аниқланган. Уларнинг 914 таси жойида ҳал этилган, 2 401 та масала бўйича ҳал этиш чора-тадбирлари белгиланган.
Жумладан, уйма-уй юриш натижасида аниқланган оғир шароитдаги, боқувчисини йўқотган 46 та ижтимоий қийин аҳволдаги оиланинг ҳомийлик асосида таъмирлаш ҳамда иссиқлик таъминотини янгилаш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, тиббий кўрикда турли касалликлар аниқланган 754 нафар фуқародан 100 нафари шифохоналарга ётқизилган, 654 нафарига малакали мутахассислар томонидан амбулатор шароитда даволаниш тавсия этилиб, керакли дори-дармонлар етказилган. Хусусан, «Сути» маҳалласида яшовчи эҳтиёжманд фуқаро М.Эгамбердиевнинг бош қисмидаги ўсмасимон ҳосиласи шифокорлар гуруҳи томонидан юқори технологик операция ўтказилиши натижасида тўлиқ бартараф этилган.
«Ҳар бир оила тадбиркор» дастури доирасида туманниг 43 нафар фуқаросига 1 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилган. Оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида «Микрокредитбанк» томонидан 19 нафар фуқарога 382,2 миллион сўм кредит берилган.
Молия вазирлиги томонидан тумандаги ижтимоий соҳа объектларига – мактабгача таълим ташкилотлари ва тиббиёт бирлашмасига жорий таъмирлаш ва заур ускуналарни харид қилиш учун қўшимча 1,6 миллиард сўм маблағ ажратилган. Спортни ривожлантириш вазирлиги томонидан 78-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослашган мактаб-интернатига 4 турдаги спорт анжомлари етказилган.
Шунингдек, тумандаги ички йўлларнинг жами 5 километр қисми шағаллаштирилган. Шундан, «Хосилдор», «Маданият», «Хамзаобод» ва «Навбаҳор» маҳаллаларида 2,1 километр йўлга шағал ётқизилди. 540 метр йўл бетонлаштирилга. Жумладан, «Маданият» маҳалласида 50 метр, «Қўштепа» маҳалласида 120 метр йўлга бетон ётқизилган.
Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 133 та темир бетон таянчлар ўрнатилган. Шундан, «Жағалбойли» маҳалласида 57 та, «Маданият» маҳалласида 41 та, «Хосилдор» маҳалласида 35 та таянчлар янгиланган.
Эслатиб ўтамиз, ноябрь охирларида Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан Ғофуржон Ғаниевич Мирзаев Президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланганди.