Тошкентда ИИВ раҳбари истеъфосини талаб қилиб, пикет уюштирган блогер янги видеомурожаат йўллади — видео
Блогер Шокир Шарипов ИИВ раҳбари истеъфосини талаб қилиб, 22 ноябрь куни пойтахтдаги Гагарин ҳайкали олдида бир кишилик пикет уюштиргани ҳақида хабар берилганди. Блогер Ички ишлар вазирининг истеъфосини талаб қилиб, ИИВга янги видеомурожаат йўллади.
Шундан сўнг, АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ИИВ раҳбари Пўлат Бобожонов унинг истеъфосини талаб қилиб ўтказилган пикетдан хабардор эканлигини айтган. Қайд этилишича, шундан сўнг ИИВ вазири блогер билан гаплашишни, унинг қандай муаммоси борлигини аниқлаш бўйича топшириқ берган.
ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг таъкидлашича, у блогер билан гаплашиш учун «BBC-O`zbek» хизмати журналисти билан боғланган ҳамда Шокир Шариповнинг қандай саволлари бўлса жавоб беришини, блогер улар билан алоқага чиқишини айтган. Бироқ, Шокир Шарипов шу пайтгача боғланмаган.
АОКАдаги матбуот анжуманидан кейин Шокир Шарипов Facebook’даги саҳифаси орқали ИИВ раҳбариятига янги видеомурожаат йўллади.
Видеомурожаатда қайд этилишича, унга ҳеч ким алоқага чиқмаган, савол беришни ҳам таклиф қилмаган. Шунингдек, блогер мазкур видеода Пўлат Бобожоновга бир нечта саволлар билан мурожаат қилган.
«Ички ишлар вазири изтиробга тушдингизми? Изтиробга тушмаган бўлсангиз, ислоҳот бўлмайди, сиз бу лавозимда ўтирмаслигингиз керак. Бошқага бўшатиб қўйинг. Бу ерда қалбига изтироб кирадиган одам ўтириши керак», — дейди у.
Шу билан бирга, блогернинг таъкидлашича, ислоҳот дегани, бу — велосипедни қайтадан ихтиро қилиш эмас.
Аввалроқ Фарғонада 14 ёшли боланинг ўлими туфайли икки нафар ИИБ ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, боланинг ўлими туфайли яна бир ИИБ масъули ишдан олингани, ҳолат Бош прокуратура назоратида экани тўғрисида хабар берилганди.