Тошкентда профилактика инспектори аёл сабаб ўлдирилгани айтилган хабарларга муносабат билдирилди
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида чақирув бўйича манзилган борган профилактика инспетори ўлдирилгани тўғрисида хабар берилганди. Пойтахт ИИББ ижтимоий тармоқларда инспекторнинг ўлдириши бўйича тарқалган миш-мишларга муносабат билдирди.
Ижтимои тармоқларда Олмазор туманида вафот этган профилактика инспектори Н.Бобомуротов ҳақида тарқалган хабаларда марҳум гўёки бир аёл билан автомашинасида гаплашиб ўтирган вақтида унинг турмуш ўртоғи келиб қолиб, рашк оқибатида қотиллик содир этгани айтилган.
«Бу каби маълумотлар асоссиз бўлиб, ҳақиқатдан йироқлигини маълум қиламиз. Жиноятни ўрганиш жараёнида аниқланишича, марҳум профилактика инспектори жабрланувчи аёлнинг чақирувга асосан воқеа жойига борган. Аёл ўзининг шаръий никоҳидаги турмуш ўртоғи ўлдириш билан қўрқитаётганини ва унга чора кўришни сўраган.
Профилактика инспектори хабарни расмийлаштириш мақсадида жабрланувчини ўз автомашинасида маҳалла идорасида жойлашган таянч пунктга олиб келганда, ортидан шахсий транспортида етиб келган Б.З. профилактика инспекторига ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан ҳужум қилиб, жонига қасд қилган. Бу вақтда аёл қочишга улгурган. Профилактика инспектори ўз ҳаётини қурбон қилиш эвазига аёлнинг ҳаётини сақлаб қолган», — дейилади муносабатда.
Тошкент шаҳар ИИББга кўра, баён этилган ҳолат тегишли видеотасвирларда ва гувоҳларнинг кўрсатмаларида акс этган.
«Шу ўринда таъкидлаш жоизки, гумонланувчининг яқинлари ёки учинчи шахслар томонидан воқеа тафсилотларига турли талқин берилиши мумкин ва бу маълумотлар, албатта, текширилиб қонуний баҳо берилади. Тергов якунланмагунга қадар жамоатчилик ва ОАВдан турли тахмин ва миш-мишлардан иборат шахсларни шаъни ва қадр-қимматини камситилишига олиб келадиган ахборотни тарқатмасликларини сўраймиз», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкентда ИИБ ходимини ўлдиришда гумонланган эркак қўлга олингани ва Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ўрталарида Жиззахда ички ишлар ходими ЙТҲга учраб ҳалок бўлган, Хоразм вилояти ИИБ ходими ўз жонига суиқасд қилганди.