Самарқандда ўқувчининг онаси мактаб директори ўринбосарини калтаклади
Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида ўқувчининг онаси мактаб директори ўринбосарини калтаклади. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2022 йил 17 ноябрь куни Тойлоқ туманидаги 6-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси 2007 йилда М.Д. дарс вақтида ручкани синфдошига қарата отган. Ручка унинг синфдоши, 2007 йилда туғилган Х.Н.нинг кўзига тегиб жароҳат етказган.
Ўқувчи шифохонага олиб борилиб, унга тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур ҳолатдан хабар топган вояга етмаган Х.Н.нинг онаси Тойлоқ тумани «Давлатобод» маҳалласида яшовчи 1982 йилда туғилган В.Ш. умумтаълим мактабига бориб, мактаб директорининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари билан тортишиб, қизининг шу аҳволга тушишига уни сабабчи қилиб кўрсатган ва унинг турли жойларига уриб, жароҳат етказган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Тойлоқ тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухородаги таълим муассасасида ўқитувчи ўқувчини бўғгани, Бандихон туманида ўқитувчи дарсга тайёрланмаган ўқувчини калтаклагани тўғрисида хабар берганди. Шунингдек, Андижон вилояти Асака туманида ўқитувчи кетма-кет икки кун дарсдан қочиб кетиши ва дарс жараёнларига қатнашмаётгани сабаб ўқувчи қизни калтаклаганди.