Тадбиркорни сўккан Янги Наманган ҳокимига ҳайфсан берилди
Янги Наманган тумани ҳокими Жобир Абдуллаев тадбиркорни сўккани акс этган аудиоёзув ижтимоий тармоқларда тарқалди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, туман ҳокимига ҳайфсан интизомий жазоси берилган.

Маълум қилинишича, Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигида Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича кенгайтирилган муҳокама йиғилиши ўтказилган.
Селектор тартибида ўтказилган йиғилишда вилоят сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, маслаҳатчилари, шаҳар ва туман сектор раҳбарлари, вилоят бошқармалари, шаҳар ва туман ташкилотлари раҳбарлари, Маҳаллий кенгаш депутатлари, Одоб-ахлоқ комиссия аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Янги Наманган тумани ҳокими Жобир Абдуллаевга ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилиб, барча турдаги рағбатлантиришлардан маҳрум қилинди.
Шунингдек, 2022 йил давомида ижтимоий тармоқларда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, вилоят бошқармалари, тегишли ташкилотлар раҳбарларининг хатти-ҳаракатлари бўйича ёритилган масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Мавзуга доир: Тадбиркорни сўккан Ангрен шаҳар ҳокимига ҳайфсан берилди
Эслатиб ўтамиз, 28 сентяюрь куни Шавкат Мирзиёев қарори билан бир қатор туман ҳокимлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани тўғрисида хабар берилганди. Ижтимоий тармоқларда Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов бошчилигида видеоселектор йиғилишининг аудиоси тарқалди. Унда Умурзоқов 5 нафар ҳоким — Андижон, Асака, Пахтобод, Фарғона ва Нуробод туманлари раҳбарлари ишдан олинганини эълон қилганини эшитиш мумкин.