Тошкентда Nexia-3 билан тўқнашган Lacetti олти нафар пиёдани ҳам уриб юборди
Тошкент шаҳри Учтепа туманида Nexia-3 билан тўқнашган Lacetti олти нафар пиёдани ҳам уриб юборди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.

Маълум қилинишича, 2022 йил 4 декабрь куни тахминан соат 06:15 ларда Учтепа тумани Фарход кўчаси 2-уй рўпарасида 1996 йилда туғилган Р.И. бошқарувидаги Lacetti 1982 йилда туғилган А.А. бошқарувидаги Nexia-3 билан тўқнашиб, олти нафар пиёдани ҳам уриб юборган. Сўнг йўл четида ҳаракатсиз турган Matiz билан тўқнашган.
ЙТҲ оқибатида Lacetti ҳайдовчиси ҳамда тўрт нафар пиёда (1974 йилда туғилган Н.С., 1986 йилда туғилган М.У., 1987 йилда туғилган Ю.Ш., 1994 йилда туғилган Э.М.) турли даражадаги тан жароҳатлари билан РШТЁИМга ётқизилган. Икки нафар пиёда (1960 йилда туғилган Қ.Х., 1982 йилда туғилган Г.Ф.) олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Lacetti ҳайдовчиси тезликни меъёридан ошириб, руль бошқарувини йўқотиши йўл-транспорт ҳодисасига сабаб бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзгатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда Malibu, Cobalt ва автобус иштирокида ЙТҲ содир бўлганди. Тошкентда 4 та автомобиль иштирокида содир бўлган ЙТҲда Equinox ағдарилиб кетганди. Тошкентда тўртта машина иштирокидаги автоҳалокатда бир нафар ҳайдовчи шифохонага ётқизилганди. Шунингдек, Тошкентда юк машинасининг тормоз тизимидаги носозлик оқибатида 3 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлганди.