Маҳаллабай ишлаш агентлиги тендерларида «уч кунлик фирмалар» ғолиб бўлаётгани аниқланди
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўтказилган тедендерларда очилганига бир неча кун бўлган ёки тендер якунланишига бир неча кун қолганда очилган фирмалар ғолиб бўлгани аниқланди.
Хусусан, 16 ноябрдан 25 ноябргача тикув машинаси харид қилиш учун ўтказилган 888 миллион сўмлик тендерда 21 ноябрь куни давлат рўйхатидан ўтказилган Sold IT 1111 МЧЖ ғолиб деб топилган. 16 ноябрдан 23 ноябргача тикув машинаси харид қилиш учун ўтказилган 726 миллион сўмлик тендерда эса 22 ноябрь куни давлат рўйхатидан ўтказилган Intend 045 МЧЖ ғолиб бўлган.

Шунингдек, 16 ноябрдан 23 ноябргача тикув машинаси харид қилиш учун ўтказилган 900 миллион сўмлик тендерда 21 ноябрь куни давлат рўйхатидан ўтказилган Brand Mix 777 МЧЖ ғолиб деб топилган бўлса, 12 ноябрдан 21 ноябргача тикув машинаси харид қилиш учун ўтказилган 908 миллион сўмлик тендерда 18 ноябрь куни давлат рўйхатидан ўтказилган Business Communication Trade МЧЖ ғолиб бўлган.
Аввалроқ Маҳаллабай ишлаш агентлиги 8,4 миллиард сўмга сайт буюртма қилгани, шу билан бирга, ушбу сайт логотипи ўғирлангани тўғрисида хабар берилганди.