Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Қонунчилик палатасида бу бўйича кодексларга ўзгартириш киритиш масаласи кўриб чиқилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган йиғилишда «Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш, ўтказиш ва тарғиб қилиш билан боғлиқ ноқонуний фаолиятга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, хусусан, онлайн қимор ўйинлари фуқаролар орасида кенг оммалашган. Бу эса онлайн қимор ўйинларида иштирок этган фуқаролар томонидан ўз жонига қасд қилиш, фирибгарлик, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва бошқа салбий ҳолатлар содир этилишига сабаб бўлмоқда.
Маълумотларга кўра, қимор ўйинлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони 2019 йилда 1 454 та бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда — 2 864 та, 2021 йилда — 3 372 та ва 2022 йилнинг 6 ойида 2 325 тани ташкил этган. Ушбу ўйинларни ташкил этиш билан боғлиқ жиноятлар 2019 йилда — 55 та , 2020 йилда — 86 та, 2021 йилда — 103 та, 2022 йилнинг 6 ойида 90 тани ташкил этган.
«Мазкур ҳолатлар қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ноқонуний фаолиятга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришни тақозо этмоқда», дейилади хабарда.
Қонун лойиҳаси билан қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш, ўтказиш ёки уларда иштирок этиш учун ҳар қандай шаклда кўмаклашиш, шунингдек, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга ҳилоф равишда тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ҳолатлари юзасидан жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.
Фракция аъзолари томонидан қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилиб, қўллаб-қувватланган. Йиғилишда кун тартибига киритилган бошқа қонун ҳужжатлари ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинган.
Аввалроқ Тошкент вилоятида 45 ёшли эркак ўз хонадонида қиморхона ташкил этгани аниқлангани, Самарқандда «қиморхона очган» маҳалла раиси ўз аризасига кўра ишдан бўшагани, Қашқадарёда қимор ўйнаган йигитларга чора кўрилгани тўғрисида хабар берилганди.