Самарқандда маст фуқаро танишини уриб, ўлдириб қўйди
Самарқанд вилояти Нурободдаги кафелардан бирининг олдида 10 киши бир кишини уриб ўлдиргани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар тарқалди. Вилоят ИИБ мазкур ҳолатга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 2022 йил 29 ноябрь куни соат тунги 0:30 ларда Нуробод тумани «Наврўз» МФЙ ҳудудидаги «Тож» номли кафе ёнида олдиндан ўзаро таниш бўлган М.Х. ва Х.Ш. маст ҳолатда ўзаро тортишиб қолиши оқибатида Х.Ш. М.Х.ни уриб, унга тан жароҳати етказган.
Шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамай, олган тан жароҳати оқибатида фуқаро М.Х. вафот этган.
Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида, яъни 2022 йил 29 ноябрь куни Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи Жиноят-процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида ушланган.
«Айни дамда тергов ҳужжатлари вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси юритувига олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.
Аввалроқ Самарқандда келин қайнонасининг бошига ғишт билан уриб, ўлдириб қўйгани, Фарғонада ногирон қизига тегажоғлик қилган қўшнисини ўлдириб қўйган ота-бола иши судда кўриб чиқилгани, Қашқадарёда аёл эрининг бошига темир билан уриб, ўта оғир тан жароҳати етказгани тўғрисида хабар берилганди.