ФВВ ташкилот, корхона ва муассасаларнинг раҳбарларини огоҳлантирди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқаролар, ташкилот, корхона ва муассасаларнинг раҳбарлари огоҳлантирди.
Қайд этилишича, об-ҳаво ҳароратининг пасайиб бориши натижасида газ ва бошқа турдаги муқобил ёқилғи иситиш мосламаларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Бундай пайтларда иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлиши ҳамда инсонлар ис газидан заҳарланиши мумкин.
Бундай кўнгилсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида газ ускуналаридан ва иситиш мосламаларидан фойдаланишда қуйидаги ёнғин ва хавфсизлик талабларига риоя қилиш сўралади:
- қўлбола ва носоз газ иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик;
- тунги вақт аҳоли турар жойларида ўрнатилган иситиш тизимини назоратсиз қолдирмаслик;
- ошхонада ўрнатилган табиий газда ишловчи газ плиталардан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланмаслик;
- иситиш печлари ва уларнинг мўриларини созлигига, уларни турли буюм ва тўсиқлар билан беркитилмаслигига ҳамда махсус ташкилотлар томонидан ўз вақтида тозаланишига алоҳида эътибор бериш;
- иситиш мосламалари яқинида ёнувчан буюмларни сақламаслик;
- иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг тавсия ва йўриқномаси талабларига риоя қилиш;
- газ ускуналарни улаш тартиб қоидаларига риоя қилинг ва уларга резина шлангалар орқали уланишга йўл қўймаслик;
- агарда хонада газ ҳиди сезилса, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан асло фойдаланмаслик, дарҳол хонани шамоллатиш ҳамда газ хизматига зудлик билан хабар бериш.
«Ушбу қоидаларга риоя этиш билан сиз ўзингиз ва яқинларингизни ҳамда уй-жойингизни кўнгилсиз ҳодисалардан сақлаган бўласиз», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Наманган вилоятининг Поп туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида уч киши ҳалок бўлгани, Фарғонада имом-хатиб ва оила аъзолари ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳамда Андижонда уч нафар ёлланма ишчи ис газидан заҳарланиш оқибатида ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинганди. Шунингдек, Бухорода бир нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб вафот этганди.
