Россияда газ қазиб олиш ҳажми камайди
Россияда 2022 йилнинг январь-ноябрь ойларида газ қазиб олиш 11,9 фоизга камайиб, 612,9 миллиард куб метрни ташкил қилди. Бу ҳақда «Ведомости» хабар берди.

Хабарда келтирилишича, умумий газ қазиб олиш ҳажмининг камайишидаги асосий ҳисса «Газпром»да ишлаб чиқаришнинг пасайиши сабаб бўлган. Шу билан бирга, Россиядаги энг йирик мустақил газ ишлаб чиқарувчилар – «Роснефт» ва «Новатек» компанияларида аксинча газ қазиб олиш ҳажми ортган.
Бу даврда «Газпром» 376,9 миллиард метр куб газ қазиб олган бўлса, (-19,4 фоиз), компаниядаги пасайишнинг асосий сабаби Европа Иттифоқида ёқилғи истеъмолининг камайиши туфайли юзага келган. Бундан ташқари, ички бозордаги талаб ҳам 5,7 фоизга камайди.
Қайд этилишича, «Газпром»нинг газ қувурлари орқали МДҲдан ташқари давлатларга етказиб бериш ҳажми ҳам 44,5 фоизга камайиб, 95,2 миллиард куб метрни ташкил қилди.
Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи охирида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан Москвадаги музокараларда Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон иштирокида газ иттифоқини яратиш имкониятларини муҳокама қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, «Росгеологиа»Ўзбекистонда янги нефть ва газ конлари топгани ҳақида хабар берилганди.