Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президентини туғилган куни билан табриклади
Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаровни туғилган куни билан табриклади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

«Туғилган кунингиз билан самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни йўллаш менга катта мамнуният бағишлайди.
Мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлиги, Қирғизистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш йўлидаги фаолиятингиз алоҳида эътирофга лойиқ. Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва қардошлик руҳидаги стратегик шериклик муносабатлари ҳамда ҳар томонлама алоқаларни кейинги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қўшган шахсий ҳиссангизни алоҳида таъкидламоқчиман.
Бетакрор Бишкек шаҳрига бўлажак олий даражадаги ташриф, самарали музокараларимиз, эришилаётган муҳим келишувларимиз қардош халқларимизнинг умумий манфаатларига хизмат қилиши шубҳасиз. Таъкидлаш жоизки, Сизнинг президентлик даврингизда ҳаётий чегара масалаларининг ҳал этилиши улкан амалий саъй-ҳаракатларингиз ва қатъий позициянгиз туфайли мустаҳкам сиёсий иродангизни яна бир бор яққол намоён этди. Сизнинг бошчилигингизда Қамбарота гидроэлектр станцияси, Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўл линияси қурилиши каби йирик минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш ҳам муваффақиятли бошлангани бизни, айниқса, қувонтиради.
Ишончим комилки, ўзаро ҳурмат ва бир-биримизни қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган муносабатларимиз бундан буён ҳам мустаҳкамланади. Фурсатдан фойдаланиб, сизни ушбу қутлуғ кун билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, сизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт ва масъулиятли давлат фаолиятингизда янги муваффақиятлар, қардош Қирғизистон халқига эса тинчлик, фаровонлик ва барқарор тараққиёт тилайман», дейилади Шавкат Мирзиёев табригида.
Аввалроқ Садир Жапаров Ўзбекистон билан чегара келишувини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолагани, Сенат Кампир Обод сув омбори тўғрисидаги шартномани маъқуллагани, Садир Жапаров Ўзбекистон билан Кампир Обод сув омбори бўйича келишув ҳақида гапиргани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга боради
Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойида Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президентини сайловлардаги ғалабаси билан, октябрь ойида эса Эмомали Раҳмонни 70 йиллик юбилейи билан табриклаганди.