Тошкентдаги квартиралардан бирида содир бўлган ёнғинда 2 киши ҳалок бўлди — видео
Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида жойлашган кўп қаватли турар жой биноларидан бирида содир бўлган ёнғин оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 5 декабрь соат 20:08 да Янгиҳаёт туман ИИО ФМБ Навбатчилик қисмига Янгиҳаёт тумани, Йўлдош-6 даҳаси 25-уйда ёнғин содир бўлгани тўғрисида хабар келиб тушган. Ушбу уйнинг 11-хонадонида истиқомат қилиб келган икки нафар фуқаронинг ҳаётдан кўз юмгани аниқланган.
Йўлдош-6 даҳасидаги 25-уй 2-қаватдан, 2 та йўлак ва 12 та хонадондан иборат бўлиб, ушбу уйнинг умумий майдони 300 метр квадратни ташкил этади, ёнғин натижасида унинг 80 метр квадрат майдони ёнғиндан шикаст кўрган.
Ҳодиса содир содир бўлган жойга ФВВ Ёнғин хавфсизлиги ходимлари етиб келиб ўз вақтида ёнғин ўчирилган. Ёнғин содир бўлган вақтда ушбу уйнинг истиқомат қилувчи 9 нафар фуқаро ўз вақтида эвакувация қилинган.
Ёнғин натижасида шикаст етказилган хонадон эгалари вақтинчалик Тошкент индекс савдо мажмуасидаги ётоқхонага жойлаштирилган. Ҳозирда содир бўлган ёнғинни келиб чиқиши ва шу билан боғлиқ бошқа ҳолатларни ўрганиш борасида терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкентдаги IT-park биносида ёнғин содир бўлгани, Андижондаги кўп қаватли уйлардан бирида ёнгани, «Абу Сахий» бозорининг кўп қаватли «стоянка»сидаги машинада ёнғин чиққани тўғрисида хабар берилганди.