«‘Заправка’ларда барча маркадаги бензинлар етарли ва уларнинг нархи оширилмаган» — Энергетика вазирлиги
Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда АИ-80 русумли бензин йўқ деб қиммат бензинларни сотилаётгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги АЁҚШларда АИ-80 русумли автобензиннинг нархи оширилмаган ва унинг 1 литри 6 800 сўмлигича сақланиб қолмоқда. Шунингдек, АИ-92 маркали автобензин 9500 сўмдан ва АИ-95 маркали автобензин 10 500 сўмдан сотилмоқда.
Бугунги кунда республика нефтни қайта ишлаш заводларида суткасида 4 минг тоннадан автобензин ишлаб чиқарилиб, биржа савдолари орқали истеъмолчилар эҳтиёжлари учун йўналтирилмоқда.
«Бундан ташқари автобензин захираси етарли эканлигини маълум қиламиз. Шу билан бирга, хусусий тадбиркорлар томонидан қўшимча автобензин импорти амалга оширилиб келинмоқда. Жорий йил бошидан бир ойда ўртача 10 минг тонна автобензин импорт қилинмоқда», дейилади муносабатда.
Бундан ташқари, хом-ашё импорти ҳажмларини ошириш ҳисобига автобензин ишлаб чиқариш ва биржа савдоларига қўйиб борилаётган автобензин ҳажмларини ошириш чоралари кўрилаётгани маълум қилинган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2022 йилнинг ўн ойи давомида қанча бензин ишлаб чиқарилгани маълум қилинганди. Шунингдек, 2022 йилнинг январь-август ойларида 768,8 минг тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилган.