«Режали чекловлар киритмасак, эртага бундан-да жиддийроқ талафот бўлиши мумкин» — энергетика вазири
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов энергия таъминотдаги узилишлар юзасидан изоҳ берди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги об-ҳаво шароити жиддийроқ талафотларнинг олдини олиш мақсадида режали чекловлар ўрнатишни тақозо этмоқда.
«Бизнинг вазифамиз — одамларимизни хонадонида газ билан таъминлаш, шунингдек, табиий газ ёрдамида иссиқлик электр станцияларида электр энергия ишлаб чиқариб, электр энергия етказиб беришдир. Тўғри, эътирозлар бор. Ҳаммага ҳам етиб бормаяпти, жуда кўп ўчишлар бўляпти. Биз буни тан оламиз, ҳеч ким инкор этмаяпти. Бу бўйича режали, тизимли қилиб шундай об-ҳаво шароитида чекловлар киритган ҳолда вазиятдан чиқиб кетмасак, эртага бунданда жиддийроқ талафот кўриш мумкин. Шунинг учун бундай кескин чоралар кўришга мажбурмиз», — дейди Мирзамаҳмудов.
Энергетика вазири, шунингдек, Фарғонадаги цемент завод газдан узилиб қўйганига ҳам тўхталиб ўтган.
«Фарғонадаги ҳолатга келадиган бўлса, бу ерда бошқа муқобил ёнилғида ишлаш мумкин бўлган барча объектлар шунақа ҳаво кескин совиган вақтда тармоқдан узилади. Бу ерда бироз бўрттириб гапирилган, 10 мингта эмас 100 дан сал ошиқроқ ишчилар бўлган. Ҳамма биладики, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори бор — ғишт заводи, янги қурилаётган цемент заводлари барчаси кўмир, яъни муқобил ёнилғида ишлаши керак», — дея таъкидлаган у.
Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг қайд этишича, бу заводни табиий газга ким ва нимага улагани, ким рухсат бергани алоҳида ўрганиб чиқилади.
«Лекин корхона раҳбарлари шартнома шартларига кўра, вақтида огоҳлантирилган, ишчилар билан тегишли тарғибот ишларини олиб бориш керак эди», — дейди вазир.
Аввалроқ Музаффар Жамолитдинов исмли наманганлик депутат Facebook’даги саҳифасига газ, электр билан боғлиқ муаммоларни олиб чиқаётганларни қамоқ билан «огоҳлантиргани» тўғрисида хабар берилганди. Кўп ўтмай у барчадан узр сўраб чиқди.
Мавзуга доир: Фарғона водийсидаги газ «заправка»лар иши тўхтатилди
Эслатиб ўтамиз, олинроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси бензин нархини оширадиган АЁҚШларни огоҳлантирган, Муфтий энергия ресурсларини тежаш ҳақида гапирганди.