Ўзбекистонда айрим давлат хизматлари қўшимча тўлов эвазига тезлаштирилган тартибда кўрсатилади
Адлия вазирлиги ҳукуматининг айрим қарорларига хизматларни тезлаштирилган тартибда кўрсатишга қаратилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Қайд этилишича, давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, зарур вазиятларда тезлаштирилган давлат хизматлари кўрсатиш орқали ҳужжатларни қисқа муддатда расмийлаштириб бериш, бу орқали аҳоли ва тадбиркорларга янада қулайликлар яратиш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, лойиҳада давлат хизматларини қўшимча ҳақ эвазига тезлаштирилган тартибда олиш имкониятини яратиш кўзда тутилган. Булар:
- иш ҳақини тасдиқлашга оид маълумотнома бериш;
- концерт ва кўнгилочар фаолиятни лицензиялаш;
- фонд бозорида профессионал фаолиятни лицензиялаш;
- дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдосини лицензиялаш;
- юк ташиш ва транспорт воситаларини қайта жиҳозлаш соҳаларида ариза берувчиларнинг ихтиёрига кўра қўшимча тўлов эвазига тезлаштирилган хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш.
Тезлаштирилган тартибда маълумотнома бериш учун юборилган ариза бўйича тезлаштирилган муддатда хизмат кўрсатилмаган тақдирда тўланган сумма ариза берувчининг сўровига кўра Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасидан бир иш куни ичида қайтарилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда форс-мажор ҳолатларини тасдиқлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатилиши, кекса ва ногиронларга давлат хизматларини кўрсатиш соддалаштирилиши, Ўзбекистонда давлат хизматлари учун айрим шахсларга 50 фоизлик чегирма берилиши тўғрисида хабар берилганди.