Ўзбекистонда нефть маҳсулотларининг сотилиши устидан назорат кучайтирилади
Вазирлар Маҳкамасининг «Товар-хом ашё биржаларининг фаолиятини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар беради Монополияга қарши курашиш қўмитаси.
Ҳужжат билан Монополияга қарши курашиш қўмитасига товар-хом ашё биржаларида нархлар манипуляциясини чеклаш ва олдини олишга қаратилган бир қатор ваколатлар берилган.
Қабул қилинган ҳукумат қарорига кўра, биржа савдоларида стратегик маҳсулотларнинг нархларини манипуляцияси, ички (инсайдерлик) маълумотлардан фойдаланиш ва асоссиз даромад олишнинг бошқа рақобатга зид усулларидан фойдаланишни олдини олиш қоидалари, хусусан:
- биржа савдоларида нархлар манипуляциясининг олдини олиш чоралари ва уларни аниқлаш тартиблари;
- биржа иштирокчилари томонидан нархлар манипуляциясига йўл қўймаслик бўйича таъқиқланадиган ҳаракатлар;
- ички (инсайдерлик) маълумотларнинг ҳисобини юритиш ва улардан фойдаланиш бўйича чеклов ва жавобгарликлар белгиланган.
«Айниқса, ушбу қарорнинг қабул қилиниши ҳозирги вақтда долзарб бўлган бензин маҳсулоти нархларининг манипуляция қилиниши натижасида ошиб кетишини ва савдо иштирокчиларининг асоссиз даромадга эга бўлишини олдини олишда жуда муҳим аҳамиятга эга», — дейилади қўмита хабарида.
Аввалроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси бензин нархини оширадиган АЁҚШларни огоҳлантиргани, Ўзбекистонда биржада нархлар кескин ошишининг олдини олувчи тизим жорий этилиши тўғрисида хабар берилганди.