Хоразмда тўққиз киши ис газидан заҳарлангани айтилмоқда. Уларнинг икки нафари вафот этган
Хоразм вилояти Янгибозор туманида бир оиланинг тўққиз аъзоси ис газидан заҳарлангани айтилмоқда. Уларнинг икки нафари вафот этган, дея хабар берди вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йил 8 декабрь куни соат 08:51 ларда Янгибозор тумани тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими диспетчеридан туман ФВБга хабар тушиб, Янгибозор тумани Боғолон қишлоғида яшаган 1958 йилда туғилган Ж.Р. ҳамда невараси 2009 йилда туғилган Р.Б. уйида вафот этгани билдирилган.
Олиб борилган дастлабки суриштирувлар натижасида кўра, воқеа содир бўлган хонаданда 9 нафар фуқаро бўлгани, шулардан 2 нафари вафот этгани ва қолган 7 нафари туман шифохонасида тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг соғлиғи яхши бўлгани учун уйига руҳсат берилгани аниқланди.
Шунингдек, 2 нафар фуқаро вафот этгани бўйича суд тиббий экспертизаси тайинланган. Суриштирувни Янгибозор тумани прокуротураси олиб бораётгани қайд этилди.
Аввалроқ Наманган вилоятининг Поп туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида уч киши ҳалок бўлгани, Фарғонада имом-хатиб ва оила аъзолари ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳамда Андижонда уч нафар ёлланма ишчи ис газидан заҳарланиш оқибатида ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинганди. Шунингдек, Бухорода бир нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб вафот этганди.