Президент Администрацияси раҳбари бошчилигида аҳолини энергия ресурслари билан таъминлашга бағишланган йиғилиш бошланди
Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзақов бошчилигида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан мутаносиб таъминлаш масалалари юзасидан йиғилиш бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қайд этилишича, Республика штабининг навбатдаги йиғилишида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан мутаносиб таъминлаш масалаларини тезкор ва тизимли ҳал этиб бориш муҳокама қилинмоқда.
«Икки кундан буён мутасадди вазирликларда штаблар фаолият кўрсатмоқда. Лекин, жойларда қатор муаммо ва камчиликлар ҳануз кузатилмоқда», — дейди Умурзақов.
Шунингдек, йиғилишда айтилишича, газ қувурларида босимнинг меъёрдан пастлиги сабабли республика бўйича жами 462 та маҳалладаги қарийб 62 мингта хонадонга табиий газ етиб бормаяпти.
Шу билан бирга, Тошкент вилояти прокурори Президент Администрациясидан ноқонуний газга уланган ғишт заводини тармоқдан узмасликни сўраган.
Бундан ташқари, йиғилишда вақтинчалик чекловлар киритилган бўлишига қарамай, газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари учраётгани жиддий танқид остига олинди.
«Мана, масалан, Олмалиқдаги ғишт завод газ ҳисоблагичлардаги онлайн модемни узиб, кўрсаткични ‘ноль’ қилиб қўйиб, газ тармоғига ноқонуний уланган. Энг қизиғи, ушбу ҳолат аниқлангач, вилоят прокурори Президент Администрацияси масъулларидан шу заводни ўчирмасликни сўраган. Прокурорнинг манфаати борми?» — деди Сардор Умурзақов.
Администрация раҳбарининг таъкидлашича, ушбу завод эгаларининг Ангренда ҳам заводи бўлган. Бош вазир ўринбосари Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигадаги комиссия Олмалиққа келганини эшитиб, Ангрендаги заводини ёпишган. Ангрендаги заводда ҳам қонунбузилиш ҳолати аниқланса, бу бўйича ҳам алоҳида иш қўзғатилиши маълум қилинди.
«Буларнинг орқасида кимлар турганини топамиз. У ҳоким бўладими, прокурор ёки солиқчими, фарқи йўқ, тадбиркор билан тил бириктирган бўлса, жавобгарликка тортилади», — деди Администрация раҳбари
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда энергетика тизимида фаолият олиб борувчи бир қатор мансабдорлар ўз вазифасига масъулият билан ёндашмагани учун ҳайфсан интизомий жазосини олганди. Шунингдек, мамлакатда бош вазир бошчилигида энергия муаммоларини тезкор ўрганиш ва бартараф этиш учун ишчи гуруҳ тузилганди.