Ўзбекистонда банан истеъмоли камайиши мумкин
Ўзбекистонда банан нархларининг кескин кўтарилиши, ушбу маҳсулот истеъмолини камайтириши мумкин. Бу ҳақда EastFruit хабар берди.

Ўзбекистонда охирги уч ойда бананнинг ўртача улгуржи нархлари бир ярим баравар ошди. Бу 2021 йилги даражадан деярли икки баравар юқоридир.
«Нархларнинг бундай динамикаси Ўзбекистонда кетма-кет иккинчи йил кузатилаётган ушбу мева истеъмолининг юқори ўсиш суръатларини секинлаштириши мумкин», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда 2022 йилнинг январь ойи бошидан август ойи охиригача бананнинг ўртача улгуржи нархлари 14-18 минг сўмни ташкил этди. Ушбу нархлар 2021 йилги даражадан анча паст. Бироқ сентябрь ойининг бошидан улгуржи банан нархлари динамикасида барқарор ўсиш тенденцияси шаклланди. Хусусан, 2022 йил 2 сентябрдан 2 декабргача бўлган даврда Ўзбекистонда бананнинг ўртача улгуржи нархи 14 минг сўмдан 21 минг сўмгача яъни 50 фоизгача кўтарилган.

Юқоридаги инфографиядан кўриниб турибдики, 2022 йилнинг III чорагида Ўзбекистонда бананнинг ўртача улгуржи нархлари ўтган йилги даражадан анча паст бўлган. Аммо сентябр-ноябрь ойларида улгуржи нархларнинг кўп йўналишли динамикаси натижасида жорий йилдаги улгуржи нархлар билан 2021 йилги даражалар ўртасидаги тафовут нафақат қисқарди, балки ўсишни ҳам бошлади.
Жумладан, Ўзбекистонда бананнинг ўртача улгуржи нархи 2022 йил 2 декабрь ҳолатига кўра, 2021 йилнинг шу санасидан 31 фоизга юқорилигича қолмоқда. Бундан ташқари, 2022 йилнинг январь ойи бошидан октябрь ойи охиригача бўлган даврда Ўзбекистонга 112,3 минг тонна банан импорт қилинган, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 1,9 баробар кўпдир.
Аввалроқ Ўзбекистон асосан қайси давлатлардан банан импорт қилгани ҳақида хабар берилганди.