Фарғонадаги уйда газ портлаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жойлашган хонадонда газ чақнаши оқибатида бир нафар фуқаро вафот этди. Бу ҳақда вилоят ФВБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 12 декабрь куни соат 15:24 да Қўқон шаҳар ФВБнинг «101» қисқа рақамига Алишер Навоий мавзеси 101/13-уйда яшовчи 31 ёшли Д.Н. яшаш хонадонида газ чақнашидан вафот этгани тўғрисида хабар келиб тушган.
Олиб борилган ўрганиш давомида аниқланишича, фуқаро Д.Н. хонадонидаги газни текшириб кўриш мақсадида гугурт чаққан пайтда газ ва ҳаво аралашмаси натижасида чақнаш содир бўлган. Оқибатда Д.Н. ҳодиса жойида вафот этган. У билан бирга бўлган укаси Б.Н. танасининг турли жойларидан куйиш жароҳати билан Қўқон шаҳар тиббиёт марказига жойлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари орлиб борилмоқда.
Мавзуга доир: Хоразмда тўққиз киши ис газидан заҳарлангани айтилмоқда. Уларнинг икки нафари вафот этган
Аввалроқ Қашқадарёда бир оиланинг уч аъзоси ис газидан вафот этгани, Наманган вилоятининг Поп туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида уч киши ҳалок бўлгани, Фарғонада имом-хатиб ва оила аъзолари ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳамда Андижонда уч нафар ёлланма ишчи ис газидан заҳарланиш оқибатида ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинганди. Шунингдек, Бухорода бир нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб вафот этганди.