Шавкат Мирзиёев Чилонзор иссиқлик марказини бориб кўрди — фото
Давлат раҳбари «Тошкент иссиқлик маркази» корхонасининг Чилонзор иссиқлик марказини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу мажмуа 1969 йилда қурилган бўлиб, қозонхона 700 Гкал қувватга эга. Марказ 921 та кўп қаватли уй ва 100 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектларига иссиқлик қуввати етказиб беради.

«Сўнгги кунларда об-ҳавонинг кескин совиб кетиши оқибатида газ босимининг пастлиги кузатилмоқда. Бу иситиш даражасига салбий таъсир қилмоқда.
Чилонзор иссиқлик марказида ҳам ускуна ва тармоқлар эскирган. Иссиқликни узатишда йўқотишлар бор», дейилади хабарда.


Шу боис бу борадаги зарурий чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари иссиқлик ишлаб чиқаришнинг муқобил манбаларини излаш, қувурлар ва уйларда ҳароратни асраш зарурлигини таъкидлади.

Тошкент шаҳри туманларига электрда ишлайдиган 2 мегаваттли станциялар олиб келиб, қўшимча иссиқлик қувватлари яратиш таклифи маъқулланди. Бундай битта қурилма 1 минг 340 та хонадонга иссиқлик етказиб беради. Ишлаб чиқариш харажати камлиги эвазига нарх ошмайди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев кутилмаганда шу ердаги «Ширин» маҳалласини кириб кўрди. Аҳоли хонадонларида бўлиб, турмуш шароитлари, иссиқлик таъминоти билан қизиқди.
Президент 13 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида инфратузилма ва ижтимоий соҳа объектлари фаолияти билан танишиши ҳамда фаоллар иштирокида йиғилиш ўтказиши маълум бўлганди.
Аввалроқ Тошкентда трамвай йўли қурилиши тезлаштирилиши маълум бўлганди. Шавкат Мирзиёев 6 июнь куни Тошкент ерусти ҳалқа метросининг иккинчи босқичи қурилишини бориб кўрган. Президент жараён давомида берилган таклифларни маъқуллаб, маҳаллалар аҳолисининг метрога келиб-кетиши учун қулайликлар яратиш, бекатлар ёнида авто ва велотураргоҳлар ташкил этиш муҳимлигини таъкидлаган. Шунингдек, Тошкентдаги тирбандликлар билан боғлиқ муаммоларнинг ягона ечими айтилганди.