14:52 | 14.12.22 179

Россияда террорчилик ташкилотига алоқадор Ўзбекистон фуқароси қамалди

У ташкилотга Россия Миллий гвардияси объектларига оид маълумотларни етказиб турган

Хабаровскда яшовчи Ўзбекистон фуқароси Россияда тақиқланган «Ҳаят Таҳрир аш-Шом» террорчилик ташкилоти манфаатларини кўзлаб қасддан содир этган ҳаракатлари учун тўққиз йилга қамалди. Бу ҳақда Хабаровск ҳарбий округ суди маълум қилди.

Қайд этилишича, ўзбекистонлик эркак ушбу ташкилот аъзоларига террорчилик фаолияти чақириқларини тарқатиши учун сим-карталар олиб берган. Шунингдек, у унинг раҳбарига содиқлик қасамини келтирган, шундан кейин Россия Миллий гвардиясининг Хабаровскдаги қўшинларига қарашли объектлари ҳақида маълумотлар тўплаб, тақдим этган. Ушбу фуқаронинг шахсан ўзи террорчиларга 4 минг рубль пул ўтказган.

Суд уни Россия Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топган ва 9 йилга озодликдан маҳрум этган. Маҳкум жазо муддатининг дастлабки икки йилини қамоқда, қолган қисмини қаттиқ режимли ахлоқ тузатиш колониясида ўтайди.

Аввалроқ Россияда террористларни молиялаштирганликда айбланган Ўзбекистон фуқароси 16 йилга қамалгани, Россияда Ўзбекистон фуқароси 2 кг героин билан қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.