Сурхондарёда пиёдани босиб кетиб, воқеа жойидан яширинган «Лада» ҳайдовчиси топилди
Сурхондарё вилояти Ангор туманида пиёдани босиб кетган ҳайдовчи воқеа жойидан яширинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 12 декабрь куни соат 19:30 ларда Ангор тумани «Янгиобод» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р-1597 автомобиль йўлининг 6-километрида йўл ўртасида ётган номаълум фуқаронинг жасади тўғрисидаги хабар ЙҲХБга келиб тушган.
Шу куннинг ўзида ходимлар ҳолатда ойдинлик киритиш ва мурданинг шахсини аниқлаш ишларини олиб борган.
Суд тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, 1976 йилда туғилган фуқаро номаълум транспорт воситаси томонидан содир этилган ЙТҲ оқибатида оғир тан жароҳати олиб, шу жойнинг ўзида вафот этган.
Олиб борилган тезкор чоралар давомида пиёдани уриб кетиб, унга биринчи ёрдам кўрсатмасдан воқеа жойидан қочиб кетган 56 ёшли ҳайдовчи аниқланган. Ҳайдовчи «Лада-Самара» русумли автомобилида эътиборсизлиги туфайли йўлнинг қатнов қисмида маст ҳолда ётган пиёдани кўрмасдан босиб кетган.
Ҳолат юзасидан Ангор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-модда (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми ҳамда 117-модда (хавф остида қолдириш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Қашқадарёда пиёдани уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган Cobalt ҳайдовчиси топилгани, Тошкентда Cobalt йўлдан ўтаётган она-болани уриб юборгани, Самарқандда Malibu, Cobalt ва автобус иштирокида ЙТҲ содир бўлганди. Тошкентда 4 та автомобиль иштирокида содир бўлган ЙТҲда Equinox ағдарилиб кетганди. Тошкентда тўртта машина иштирокидаги автоҳалокатда бир нафар ҳайдовчи шифохонага ётқизилганди. Шунингдек, Тошкентда юк машинасининг тормоз тизимидаги носозлик оқибатида 3 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлганди.