17:47 | 15.12.22 110

Очилбой Раматов ва бир қатор раҳбарларга ҳайфсан берилди

Президент уларга икки ой давомида фавқулодда режимда ишлаш бўйича топшириқ берди

Президент раислигидаги видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун бир қатор раҳбарларга ҳайфсан берди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Куни-кеча Учтепани айланиб, пастдаги аҳвол бўйича хулосаларимни қилдим.

Ички кўчалар, уй-жойлар олди тозалигини ҳам сизларга Президент айтиши керак-ми?» — давом этди Президент.

Шунингдек, йиғилишда ҳудудларга сўнгги йилларда 30 мингдан ортиқ штат берилиб, маҳаллаларда шароитларни яхшилаш учун 2022 йилнинг ўзида 12 триллион сўм берилгани кўрсатиб ўтилди.

Туман ҳокимининг 6-7 нафар ўринбосари, 4 та сектор раҳбари, маҳалла раислари, бошқарув компаниялари шу оддий ишларни қила олмагани, хонадонларга кириб, аҳоли билан мулоқот қилмагани танқид қилинди.

Йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун бош вазирнинг биринчи ўринбосари О.Раматов, «Ўзбекнефтгаз» раиси М.Абдуллаев, «Иссиқлик электр станциялари» раиси Ф.Абдураҳмонов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» раиси Д.Исакулов, «Ҳудудий электр тармоқлари» раиси У.Мустафоев, «Ўзтрансгаз» раиси Б.Норматов, «Ҳудудгазтаъминот» раиси Б.Эшмуродовга ҳайфсан берилди.

«Агар улар одамларни аниқ режа ва таҳлил билан огоҳлантирганида, адолатли ҳақиқатни айтганида, одамларимиз тўғри тушуниб, норози бўлмас эди», — деди Мирзиёев.

Шу билан бирга, бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва ушбу раҳбарларга икки ой давомида фавқулодда режимда ишлашга топшириқ берилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги автобус саройи фаолияти билан танишгани, шунингдек, Чилонзор иссиқлик марказини боргани ҳақида хабар берилганди.