Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 31 млн кишидан ошди
Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 31 миллион кишидан ошди. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг «Ҳукумат соати»да маълум қилди.
Шерматовнинг сўзларига кўра, аҳолининг интернет хизматидан фойдаланувчилари сони 31 миллиондан ортган. Шундан мобил интернет фойдаланувчилари сони 29,5 миллионни ташкил этади.
АКТ вазирининг қайд этишича, халқаро ва шаҳарлараро телекоммуникация тармоғини ривожлантириш мақсадида халқаро интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 2,6 баробар оширилиб, 3 200 Гбит/секундга етказилган. Магистраль телекоммуникация тармоқлари ўтказувчанлик қобилияти вилоятлараро даражада 600 Гбит/секундга, туманлараро даражада эса 60 Гбит/секундга етказилган.
Шунингдек, 2021-2022 йилларда қўшимча 102 минг километр оптик-толали алоқа линияларини қурилган — ҳозирда уларнинг умумий узунлиги 170 минг километрни ташкил этмоқда.
«2020 йил якунида 2,7 миллионта уй хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектларининг кенг полосали интернетга уланиш имконияти мавжуд бўлган бўлса, сўнгги икки йилда қўшимча 1,7 миллион кенг полосали портлар ўрнатилиши натижасида жами 4,4 миллионта уй хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектларининг кенг полосали интернетга уланиш имконияти яратилди», — дейди Шерзод Шерматов.
Мавзуга доир: Ўзбекистондаги айрим мактабларда интернет тезлиги камида 100 Мбит/с бўлиши таъминланади
Аввалроқ Ўзбекистон интернет тезлиги рейтингида 224 та давлат ичида 166-ўринни эгаллагани хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон 2021 йил июнь ойида мобил интернет тезлиги бўйича жаҳонда 118-ўринни эгаллаганди.