Ўзбекистонда суд экспертлари фаолияти баҳолаб борилади
«Суд-экспертлик фаолиятини тартибга солувчи айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги «Huquqiy axborot» канали хабар берди.
Қарор билан суд экспертларининг фаолиятини рейтинг тизимида баҳолаб бориш тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди. Шунингдек, мазкур низом қуйидагиларни белгилайди:
- суд экспертларини рейтинг тизимида баҳолаш ва баҳолаш мезонлари;
- рейтинг натижалари бўйича суд экспертларини рағбатлантириш, рағбатлантиришни камайтириш ёки бекор қилиш ёки интизомий жазо қўллаш;
- рейтинг кўрсаткичлари юқори суд экспертларининг ишини оммалаштириш.
Бундан ташқари, қарор билан Адлия вазирлиги ҳузуридаги суд экспертлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятига оид низом ҳам тасдиқланди. Қайд этилишича, давлат суд-экспертиза муассасаларига уларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларидан 50 фоизгача қисмини ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантирш учун сарфлашга рухсат берилади.
Аввалроқ суд томонидан ишни кўрганлик учун ундириладиган давлат божлари миқдорлари камайтирилиши хақида хабар берилганди.