«Раматов ва бошқалар қишга тайёргарликни барбод қилди» — Шавкат Мирзиёев
Президент раислигидаги видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев сўнгги кунларда аҳолини қийнаётган энергия таъминоти масаласига тўхталиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, охирги олти йилда соҳада катта ўзгаришлар бўлган. Жумладан:
- 5 минг мегаваттдан ортиқ янги электр қувватлари яратилгани (аввалги 25 йилда бор-йўғи 3,3 минг мегаватт қувватлар ишга тушган);
- 45 минг километр электр тармоқлари ва 13 мингдан ортиқ трансформатор пунктлари янгилангани (бу ҳам аввалги йилларга нисбатан 3-4 баравар кўп);
- суюлтирилган газ ва кўмир ишлаб чиқариш ҳажмлари 1,5 бараварга ошгани таъкидланди.
«Лекин бир ҳафта бўлган совуқда О.Раматов, М.Абдуллаев, Ф.Абдураҳмонов, Д.Исакулов, У.Мустафоев, Б.Норматов, Б.Эшмуродов, вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ва сектор раҳбарлари пастда ишламагани кўриниб қолди.
Улар қишга тайёргарликни барбод қилди, шунча қилаётган ислоҳотларимизни обрўсизлантирди.
Ваҳоланки, уларнинг тизимида 115 мингдан зиёд ходимлардан иборат катта армияси бор. Улар ҳам ойлик олади», — деди Президент.
Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёев энергия тақчиллиги масаласига тўхталди
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги автобус саройи фаолияти билан танишгани, шунингдек, Чилонзор иссиқлик марказини боргани ҳақида хабар берилганди.