Тошкентда электр узатиш линияси ёниб кетди — видео
«Ҳудудий электр тармоқлари» Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида электр узатиш линияси ёниб кетгани тасвирланган видеога муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Яккасарой тумани «Муқимий» МФЙ ҳудудидан ўтган электр узатиш ҳаво тармоғидаги кабель ёниб кетгани тасвирланган видео тарқалди.
Қайд этилишича, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Тошкент шаҳар филиали мутасаддилари томонидан ушбу муаммолар юзасидан ўрганиш ўтказилган.
«Маълумки, республикамиз бўйлаб ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши натижасида газ босимининг пасайиб кетди. Натижада электр энергиясига бўлган талаб ортиб жойлардаги мавжуд паст кучланишли электр узатиш тармоқларида аварияли узилиш ҳолатлари юзага келмоқда. Бугун, 15 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Муқумий кўчасидаги аҳоли яшаш хонадонларини электр энергияси билан таъминловчи ҳаво электр узатиш тармоғида юкламанинг ортиб кетиши натижасида симларнинг қисқа туташувида кичик ёнғин содир бўлган», дейилади муносабатда.
Таъкидланишича, ҳозирда Яккасарой ТEТКнинг тезкор гуруҳ ишчи-ходимлари томонидан аварияни тезкорлик билан бартараф этиш учун барча зарур чоралар кўрилиб, ҳудудларда тезкор чиқиш бригадалари томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилиб, авария ҳолати бартараф этилмоқда.
Мавзуга доир: Тошкентда электр таъминотидаги чекловлар узайтирилди
Аввалроқ Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда электр таъминотида режалари чекловлар киритилишини маълум қилгани, шунингдек, Андижонда соат 21:00 дан кейин электр энергиясидан фойдаланмаслик сўралгани ҳақида хабар берилганди.