Владимир Норов Вашингтонда Оролбўйи минтақаси учун маблағ йиғиш хайрия тадбирида қатнашди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Вашингтон шаҳрида Оролбўйи минтақасини қўллаб-қувватлаш учун маблағ йиғиш бўйича хайрия тадбирида иштирок этди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси томонидан Project C.U.R.E. хайрия ташкилоти билан биргаликда ташкил этилган тадбирда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Американинг Vector Medical Group (тиббий асбоб-ускуналар етказиб берувчи), Bollore (авиация логистикаси), Boeing Company (авиация, космик ва ҳарбий техника), Rotary International (хайрия ташкилоти), Winn-Marion Companies (технология компанияси) каби компаниялари вакиллари, Америка—Ўзбекистон Савдо палатаси аъзолари, шунингдек, АҚШ оммавий ахборот воситалари журналистлари қатнашган.
Тадбир кенг Америка жамоатчилиги, ишбилармон ва академик доираларини Орол денгизи зонасидаги экологик вазият, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан экологик фалокатнинг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида хабардор қилишга қаратилган.
Иштирокчиларнинг фикрича, Орол денгизи экотизимини тиклаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш Марказий Осиёнинг барқарор тараққиёти ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга кўмаклашади. Бу борада Марказий Осиё мамлакатлари, балки бутун дунё ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлиги таъкидланган.
Тадбир доирасида Владимир Норовнинг Project C.U.R.E. президенти Дуглас Жексон билан учрашуви бўлиб ўтган. Мулоқот чоғида навбатдаги гуманитар юкларни Ўзбекистонга етказиб бериш ва ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Project C.U.R.E. Оролбўйи минтақасидаги вазиятни яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш учун АҚШдан донорларни жалб қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришга тайёрлиги маълум қилинган.
«Молиялаштиришни ўрганаётган кўнгиллиларимиз навбатдаги гуманитар ёрдам контейнерларини этказиб бериш учун маблағ йиғишда давом этмоқдалар», — дейди Дуглас Жексон.
Project C.U.R.E. раҳбари билан музокаралар якунида Ўзбекистон эҳтиёжлари учун тиббий буюмлар билан 1,5 миллион долларлик янги контейнер жўнатишга келишиб олинган.
Аввалроқ ОТБ Оролбўйи ҳавзасида амалга ошириладиган лойиҳaга 150 млн доллар ажратиши, Шавкат Мирзиёевнинг Оролбўйи ҳудуди бўйича таклиф этган резолюцияси БМТда қабул қилингани, Ўзбекистонда олти ойида экология тадбирлари учун қанча маблағ ажратилгани тўғрисида хабар берилганди.