Нурафшон давлат университети ташкил этилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Президентнинг «Нурафшон давлат университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Унда қайд этилишича, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлигининг Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида Нурафшон давлат университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.
Университетда ўқув жараёни 2023/2024 ўқув йилидан кредит-модуль тизими асосида ташкил этилади. Университет битирувчиларига давлат намунасидаги диплом берилади. Қайд этилишича, университетга талабаларни қабул қилиш сони ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси ва қўшимча қабул параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Янги ўқув бинолари, талабалар турар жойлари, спорт иншоотлари ва бошқа ёрдамчи биноларни қуриш учун «Nurafshon Business City» савдо марказининг ҳудудидан 10 гектар ер майдонини доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда архитектура-қурилиш соҳасида 2 та университет ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди.