Ўзбекистонда 2022 йилда браконьерлардан 52 та ўқотар қурол мусодара қилинди
Ўзбекистонда 2022 йил бошидан буён браконьерликка қарши кураш мақсадида ўтказилган рейдлар давомида 2 547 нафар ҳуқуқбузарлар аниқланди. Бу ҳақда АОКАда Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, тезкор-қидирув тадбирлари давомида 162 нафар ноқонуний равишда хайвонот дунёси объектларини овлагани учун, 239 нафар балиқ ва балиқ маҳсулотларини овлагани учун, 1 486 нафар дарахт кесганлиги учун, 636 нафар ўсимлик дунёси объектларини тергани учун, 24 нафар тақиқланган ҳудудда ўқотар қурол билан бўлганлиги учун жавобгарликка тортилган.
Шулардан 2 493 нафари маъмурий ва 5 нафари жиноий жавобгарликка тортилди. Йил бошидан буён браконьерлик ва табиатга етказилган зарар учун жами жарима миқдори 6 миллиард 119 миллион сўмни ташкил қилган.
Ҳуқуқбузарлик объекти сифатида браконьерлардан дан 52 дона ўқотар қурол, 4 579 метр тақиқланган балиқ овлаш анжомлари, 29 дона қайиқлар, 5 та автотранпорт, 6 917 килограмм балиқ ва балиқ маҳсулотлари, 133 килограмм хайвон гўшти, 3 661 дона кесилган дарахт ва 2 027 дона терилган ўсимлик дунёси объектлари олиб қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда фуқаровий қурол ва кунинг ўқ-дориларини хадя этиш тақиқлангани, шунингдек, Тошкентда дарахт кесганлардан 3,5 млрд сўм ундирилгани ҳақида хабар берилганди.