Ўзбекистонда дам олиш кунлари кузатиладиган об-ҳаво маълумотлари эълон қилинди
«Ўзгидромет» 16-18 декабрь кунлари республика бўйлаб кузатиладиган об-ҳаво маълумотларини эълон қилди.

Қайд этилишича, декабрь ойининг бошида об-ҳавони белгилаган совуқ антициклон мамлакатни тарк этган. Ўзбекистон ҳудудига илиқ ҳаво массалари кириб келган, ҳаво ҳарорати кескин кўтарилган, қор бутунлай эриб кетган.
16 декабрь куни ушбу ҳолат сақланиб туради, Ўзбекистон бўйича қуёшли ва илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Тошкент вилоятида баъзи жойларда шамол 15-20 метр/секундгача кучаяди. Кундузи ҳаво 9-14 даража илиқгача, баъзи жойларда 16-18 даража илиқгача исийди, бу ўртача кўп йиллик қийматлардан 4-5 даража юқоридир.
Дам олиш кунлари Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик кутилмайди, аммо ҳарорат фони бир оз пасаяди. Ҳаво ҳарорати кечалари 3 даража совуқ — 2 даража илиқни, кундузи шанба куни 7-12 даража илиқни, якшанба куни 5-10 даража илиқни ташкил этади ва ушбу кунларнинг меъёрий қийматларига яқин бўлади. Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2022 йилнинг декабрь ойи нисбатан совуқ ҳаво билан бошланган, ой ўрталарига келиб эса ҳаво ҳарорати 15 даражагача исиши айтилганди.