Ўзбекистондаги давлат органлари ва ташкилотларида гендерга оид аудит ўтказилади
«Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Шунга кўра, қонунга қуйидаги янги тушунчалар киритилди:
- гендерга оид аудит – давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида, шу жумладан кадрлар сиёсатини олиб боришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолатини, шунингдек гендерга доир комплекс ёндашувни ўрганиш ва баҳолаш;
- гендерга доир комплекс ёндашув – давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўз фаолиятини, шу жумладан кадрлар сиёсатини олиб боришни хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ташкил этиш.
Гендерга оид аудитнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- давлат органлари ва ташкилотларида хотин-қизлар ва эркаклар сонининг нисбатини ўрганиш;
- давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятини гендерга доир комплекс ёндашув асосида ташкил этганлиги ҳолатини ўрганиш;
- хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги қонунчиликнинг ижро этилиш ҳолатини баҳолаш;
- хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
Гендерга оид аудит тасдиқланган уч йиллик режага асосан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан давлат органлари ва ташкилотларида жамоатчилик назорати доирасида ўтказилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг ҳар бир туманида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш марказлари ташкил этилилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 18 июль куни хотин-қизларнинг ўқиши учун имтиёзли кредит бериш бўйича қарорни имзолаган эди.
