Тошкентда автобусларнинг ҳаракатланиш оралиқ вақти қисқарди
Тошкентда автобусларнинг ҳаракатланиш оралиқ вақти 25-30 дақиқадан 10-12 дақиқага қисқармоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Президент топшириғига асосан, сўнгги уч кунда Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти тизимидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида тезкор чоралар амалга ошириляпти.
Хусусан, 16-17 декабрь кунлари пойтахтга 204 та автобус олиб келинди ва йўналишга чиқарилди. Натижада, йўналишдаги автобусларнинг ҳаракатланиш оралиқ вақти 25-30 дақиқадан 10-12 дақиқага қисқаради.
Шунингдек, шаҳардаги 148 та йўналишнинг 34 таси муаммоли экани аниқланган. Барча йўналишларга 200 дан ортиқ қўшимча автобус жалб этилгач, 17 та йўналишдаги муаммо бартараф этилди, бироқ аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун яна 21 та янги автобус йўналиши шакллантирилиши зарурлиги қайд этилди.
Пойтахтнинг 8 та автобус паркининг 1374 та транспорт воситаси тўлиқ техник кўрикдан ўтказилди, улардан техник носоз ҳолатдаги 259 та автобуснинг 89 таси таъмирланди.
Шу билан бирга, ҳайдовчилар танқислигини бартараф этиш мақсадида 2425 нафар «D, E» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахс рўйхати шакллантирилди, ҳозирга қадар уларнинг 140 нафардан ошиғи ишга қабул қилинди.
«Автобус саройларидаги мавжуд иссиқлик, сув ва шу каби бошқа муаммолар бартараф этилди. Бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда», дейилади вазирлик хабарида.
Аввалроқ Тошкентдаги автобус бекатларида шароитлар ёмонлиги айтилган хабарларга муносабат билдирилганди.