Норвегия Россия фуқароларига виза беришни тўхтатди
Норвегия Россия фуқароларига виза беришни тўхтатди, деб хабар беради Barents Observer нашри.

Қайд этилишича, визалар ҳатто Норвегия ташкилотлари томонидан берилган таклифномалари бўлган россияликларга ҳам берилмаяпти. Инсон ҳуқуқлари ва жамоатчилик ташкилотларининг маълум қилишича, бир неча ой давомида улар мамлакатда бирорта ҳам россияликни олиб кела олмаган, улар орасида тадбирларда иштиок этиш учун расман таклиф қилинган фуқаролар ҳам бўлган.
Россия фуқаролари учун ҳужжат олишда биринчи тўсиқ — бу виза марказида рўйхатдан ўтиш учун навбат олишнинг «амалий имконсизлиги». Марказга ёзилиш имконини топганлар ҳам ҳужжатларни тайёрлашда рад жавобини олмоқда.
Нашр манбаларига кўра, рад жавоблари мамлакатга келган фуқаролари Россияга қайтмаслиги хавфи сабаб берилмоқда. Сентябрь ойида саратон билан касалланган беморларга ёрдам бериш бўйича Россия—Норвегия лойиҳаси иштирокчилари виза расмийлаштира олмаган. Улар Россиядан келганларнинг «ватанига қайтиш учун алоқалари етарли эмаслигини» айтиб, рад этилган.
Эслатиб ўтамиз, Эстония, Литва, Латвия ва Польша 19 сентябрь куни россиялик туристлар учун чегараларини ёпганди. Финляндия ҳам яқин кунларда россиялик туристларнинг Шенген визаси бўйича мамлакат ҳудудига киришини тақиқлаши маълум бўлганди. Шунингдек, Норвегия ҳукумати ҳам Россия билан чегарадаги вазиятни назорат қилиш чораларини кучайтирган.