Ўзбекистон Каспий ва Қора денгизлар орқали Европага юк етказиб беришни бошлади
«Ўзтемирйўлконтейнер» АЖ ўрта коридор орқали Европага биринчи контейнер поездини юборди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 16 декабрь куни Олмалиқ кон металлургия комбинати юклари ортилган биринчи контейнер блок поезди Болгариянинг Бургас портига юборилган. Ушбу юк поезди мис концентратидан иборат 46 та вагон ва 91 дона 20 футлик контейнердан ташкил топган.
Контейнер поезди Ўзбекистон—Туркманистон—Озарбайжон—Грузия—Болгария/ Европа йўналиши бўйлаб 4000 километрдан ортиқ масофани босиб ўтади.

Ушбу поезд хорижий ҳамкорлар Туркманистондан — «ТЛЦТ» ОАЖ, Озарбайжондан — ADY Container LLC ва Грузиядан — GR Logistics and Terminals ёрдамида амалга оширилган.
Эслатиб ўтамиз, август ўрталарида Хитойдан Ўзбекистонга янги темир йўл йўналишида юк поезди етиб келганди. Юк поездида умумий бозор қиймати 30 миллион юан (тахминан 4,4 миллион доллар) бўлган 1000 тоннадан ортиқ юк, жумладан, маиший техника ва автоуловлар учун эҳтиёт қисмлар ташилади.