«Энергетика соҳасида эркин бозорга ўтишимиз шарт» — Шавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида мамлакатда энергетика соҳаси эркин бозорга ўтиши кераклигини таъкидлади.

Давлат раҳбарининг айтишича, энергетика соҳасида эркин бозорга ўтишимиз шарт. Агар эркин бозорга ўтилмаса, мамлакатга инвестор келмайди.
«Очиқ айтиш керак, кўп иқтисодчилар энергетика соҳасида эркин бозорга ўтишни таклиф қилмоқда. Бу – тўғри йўл. Мен ҳам буни хоҳлайман. Лекин халқимизнинг жон бошига даромади, ижтимоий ҳимоясини ўйлаб, бу соҳадаги ислоҳотларни шошмасдан, босқичма-босқич қилишимиз керак.
Энг муҳим масала – энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш. Афсуски, иқтисодиётимизда энергия сарфи бошқа давлатлардан 2 баробар юқори. Шунинг учун, энергия самарадорлигини ошириш Миллий дастурини қабул қиламиз. Энергетика соҳасида эркин бозорга ўтишимиз шарт. Агар эркин бозорга ўтмасак, бизга инвестор келмайди», — дейди Президент.
Аввалроқ Наманганда қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича Хитой компанияси берган таклиф қайта кўриб чиқилиши, Сурхондарёда ғишт заводининг электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишига шароит яратиб берилгани аниқлангани, Тошкентда электр таъминотидаги чекловлар узайтирилгани тўғрисида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда энергетика тизимида фаолият олиб борувчи бир қатор мансабдорлар ўз вазифасига масъулият билан ёндашмагани учун ҳайфсан интизомий жазосини олганди. Шунингдек, мамлакатда бош вазир бошчилигида энергия муаммоларини тезкор ўрганиш ва бартараф этиш учун ишчи гуруҳ тузилганди.