Бухорода давлат ўрмон-ов хўжалиги директори пора билан ушланди
Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида қарздорлигини ёпиб бериш эвазига фуқародан пул талаб қилган ўрмон-ов хўжалиги директори қўлга олинди. Бу ҳақда Прокуратура департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Қоровулбозор давлат ўрмон-ов хўжалиги директори Ж.Н. фуқаро Б.Б.нинг ишончига кириб, унга 3 минг доллар эвазига акаси ва қариндоши томонидан ушбу хўжаликка етказилган 78 миллион сўм зарарни тўланганлиги тўғрисида маълумотнома бериш орқали қарздорлигини ёпиб беришни ваъда қилган. Шундан 2022 йилнинг ноябрь ойида 2 минг долларни олиб, яна 800 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Жиззахда ҳоким ёрдамчиси 2 минг доллар пора билан ушлангани, Самарқандда суд ишини ҳал қилиб бериш учун 3 минг доллар пора сўраган банк юристи қўлга олингани, Навоийда гашиш билан қўлга тушган эркак ИИБ ходимига пора таклиф қилгани ҳақида хабар берилганди.