Ўзбекистонда янги 1000 сўмлик тангалар муомалага чиқарилади
Ўзбекистон Марказий банки 26 декабридан бошлаб номинал қиймати 1000 сўм бўлган танга кўринишида пул белгилари муомалага чиқаради. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Марказий банкнинг номинал қиймати 1000 сўм бўлган танга кўринишидаги пул белгиси 2 хил рангдаги комбинациядан иборат бўлиб, ички айланаси сариқ рангли мис ва латунь, ташқи айланаси кумуш рангли никель қотишмасидан тайёрланган.
Танга диаметри — 26,27 миллиметр, ички диск диаметри — 17,6 миллиметр, қалинлиги — 1,6 миллиметр, оғирлиги — 7,3 грамм.
Танганинг олд томонида (аверс) Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган «Ислом цивилизацияси маркази»нинг биноси тасвирланган. Тасвирнинг пастки қисмида ботиқ ҳолда танга қиймати «1000» рақами ва лотин босма ҳарфларида «сўм» сўзи ёзилган.
Танга орқа томони (реверс) марказида Ўзбекистон давлат герби тасвирланган. Гербнинг ташқи айланаси бўйлаб босма лотин ҳарфларида айланасимон кўринишда «O‘ZBEKISTON MARKAZIY BANKI» сўзлари ёзилган. Гербнинг остида танга намунаси тасдиқланган йил – «2022» рақами кўрсатилган. Танганинг ён қирраси силлиқ ишланган.
«Муомалага чиқарилаётган 1000 сўмлик танга кўринишидаги пул белгилари бугунги кунда муомалада бўлган 2001 йил намунасидаги 1000 сўмлик банкнотлар билан бир қаторда (параллель равишда) муомалада бўлади. Яъни 2001 йил намунасидаги 1000 сўмлик банкнотлар ҳам тўлов қобилиятини йўқотмайди. Шунингдек, янги кўринишдаги ушбу пул белгилари айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт», дейилади хабарда.
Аввалроқ Марказий банкнинг Нақд пул муомаласи департаменти директори Фазлиддин Бозоров 1000 сўмлик пуллар муомаладан чиқарилиши ҳақида фикр билдирган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 22 декабрдан бошлаб янги кўринишдаги номинал қиймати 50 000 сўм ва 100 000 сўм бўлган банкнот шаклида пул белгиларини муомалага чиқарилганди.